Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очиловнинг навбатдаги сайёр қабули Дўстлик маҳалласида бўлиб ўтди
2026-07-28 15:30:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар эса аҳоли мурожаатларини бевосита тинглаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда бугун, 28 июль куни Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очиловнинг навбатдаги сайёр қабули Дўстлик маҳалласида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари, маҳалла фаоллари ҳамда фуқаролар иштирок этди.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган қабул давомида фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти, бандлик, ижтимоий ёрдам, кадастр, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишларга оид мурожаат ва таклифлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат туман ҳокими ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Ўз ечимини топиши мумкин бўлган масалалар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар эса тегишли ташкилотларга бириктирилиб, уларнинг ижроси юзасидан аниқ муддатлар белгиланди ҳамда назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида ёшлар билан ҳам алоҳида мулоқот қилиниб, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бухоро туманида фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини тизимли равишда ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган сайёр қабуллар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.









