Бухоро тумани ҳокимининг навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди.
2026-07-24 10:55:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов бошчилигида туман Халқ қабулхонасида жисмоний ва юридик шахслар вакиллари учун навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳа мутасаддилари ҳамда масъул идоралар вакиллари иштирок этди.
Фуқаролар қабули аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда мурожаатларга амалий ечим топиш мақсадида очиқ мулоқот шаклида ташкил этилди. Қабул давомида ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор билан тингланиб, унинг мазмун-моҳияти юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.
Қабулда 20 нафардан ортиқ фуқаро ўз мурожаатлари билан иштирок этди. Мурожаатлар асосан бандликни таъминлаш, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ, ички йўлларни таъмирлаш, кадастр ва ер муносабатлари, уй-жой, ижтимоий ёрдам, тадбиркорликни ривожлантириш, коммунал хизматлар ҳамда бошқа долзарб масалаларга оид бўлди.
Ҳар бир мурожаат туман ҳокими бошчилигида тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Мурожаатларнинг бир қисми қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилиб, фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатилди. Қўшимча ўрганиш ҳамда вақт талаб этадиган масалалар юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, уларни ижро этиш муддатлари белгиланди ҳамда ижроси алоҳида назоратга олинди.
Мулоқот давомида туман ҳокими Анваржон Очилов фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг муаммоларини ҳал этишда масъул ташкилотлар фаолияти янада кучайтирилиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиш, аҳолини қийнаётган масалаларни тизимли ҳал этиш ҳамда фуқаролар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро туманида фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглаш ҳамда ҳар бир мурожаатга қонуний ва адолатли ечим топиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ана шундай қабуллар орқали аҳолини ўйлантираётган масалалар ўз вақтида аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Фуқаролар манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида бундай қабуллар Бухоро туманида мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.









