Бухоро туманида раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
2026-07-23 12:20:00 / Янгиликлар

Бухоро туман ҳокимлигида "Пайшанба — Ёшлар куни" муносабати билан раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг муаммо ва таклифларини бевосита тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш ҳамда давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашишдан иборат бўлди.
Тадбирда Бухоро туман ҳокими Анваржон Очилов, ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш мақсадида тузилган Республика ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, мутасадди масъуллар ҳамда туманнинг турли маҳаллаларидан ташриф буюрган ёшлар иштирок этди.
Учрашувни кириш сўзи билан очган туман ҳокими ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касбларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ёшлар мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик барча мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифаси экани қайд этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда 30 нафардан ортиқ ёшлар ўзларини қизиқтираётган масалалар, муаммо ва таклифларини бевосита туман ҳокими ҳамда мутасадди раҳбарларга баён қилдилар. Мурожаатлар асосан доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, имтиёзли кредит олиш, касб-ҳунар ўрганиш, таълим, уй-жой, ер ажратиш ҳамда бошқа ижтимоий масалаларга оид бўлди. Айрим ёшлар ўз ташаббус ва лойиҳаларини ҳам тақдим этиб, уларни амалга ошириш юзасидан амалий кўмак сўрадилар.
Ҳар бир мурожаат мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, учрашув давомида 20 нафар ёшнинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Тадбир давомида Республика ишчи гуруҳи аъзолари ҳам ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини тингладилар ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўз тавсияларини билдирдилар.
Учрашув якунида мутасадди раҳбарларга ҳар бир ёшнинг мурожаати билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини тизимли равишда ўрганиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бухоро туманида ёшлар билан очиқ мулоқотлар мунтазам равишда ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини янада оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.









