Бухоро тумани ҳокими Боғикалон маҳалласида сайёр қабул ўтказди
2026-07-21 18:30:00 / Янгиликлар

Аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда давлат органлари ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаш Бухоро туманида устувор йўналишлардан бири сифатида изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда жойларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланмоқда.
Навбатдаги ана шундай сайёр қабул Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов томонидан Боғикалон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилди. Унда туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, мутасадди ташкилот ва корхона раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ичимлик суви таъминоти, электр энергияси, ички йўлларни таъмирлаш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ёрдам, кадастр, коммунал хизматлар ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Шунингдек, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳолига яратилаётган шароитларни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар ҳам илгари сурилди.
Ҳар бир мурожаат туман ҳокими томонидан алоҳида тингланиб, масъул ташкилотлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Жойида ҳал этиш имконияти мавжуд бўлган масалалар юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар эса масъулларга бириктирилиб, уларни қонунчилик доирасида ижобий ҳал этиш ҳамда ижросини белгиланган муддатларда таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Қабул давомида туман ҳокими аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга бефарқ бўлмаслик, ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон тақдири ва манфаатлари турганини алоҳида таъкидлади. Мутасаддиларга мурожаатларни чўзмасдан, уларни сифатли ва ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бухоро туманида аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг муаммо ва таклифларини бевосита жойларда ўрганиш ҳамда уларнинг ечимини таъминлашга қаратилган сайёр қабуллар келгусида ҳам барча маҳаллаларда тизимли равишда давом эттирилади.









