ПАХТАГА ҚЎШИМЧА ИШЛОВ БЕРИНГ ВА ҲОСИЛИНГИЗГА ҲОСИЛ ҚЎШИНГ!
2026-07-20 15:30:00 / Янгиликлар

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгашининг қўшма мурожаати
Ҳурматли фермерлар, деҳқонлар ва аграр соҳа фидойилари!
Мамлакатимизда жорий йилда 889,5 минг гектар, шундан 305,2 минг гектарда Синжон усулида пахта парваришланмоқда. Мавсумнинг мураккаб иқлим шароитига қарамай, пахтадан мўл ҳосил олиш бугунги кунда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга бевосита боғлиқ.
Айниқса, июль ойининг иккинчи ярми ва август ойининг бошларида суғориш, культивация, чилпиш, зараркунандаларга қарши кураш, баргдан озиқлантириш ҳамда бегона ўтларни йўқотиш ишларини кечиктирмасдан амалга ошириш ҳар бир фермернинг устувор вазифаси бўлиши зарур.
Шу муносабат билан ҳар бир фермер хўжалигида "Долзарб – 20 кун" эълон қилиниб, қуйидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиши тавсия этилади:
- суғориш ишларини кеча-кундуз самарали ташкил этиш ва сувдан оқилона фойдаланиш;
- сувчилар, механизаторлар ҳамда дала ишчиларини ўз вақтида рағбатлантириш;
- ғўзани ўз вақтида чилпиш, культивация қилиш ва озиқлантириш;
- кўсак қурти, ўргимчаккана, қора шира ҳамда бошқа зараркунандаларга қарши уйғунлашган ҳимоя чораларини кучайтириш;
- бор кислотаси, микроўғитлар ва биологик стимуляторлардан мутахассислар тавсиясига асосан фойдаланиш;
- ҳар бир суғоришдан сўнг тупроқни майин культивация қилиш;
- бегона ўтларни йўқотиш ва далаларни турли чиқиндилардан тозалаш;
- ривожланишдан ортда қолган майдонларда қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш;
- ғўзанинг ҳолатидан келиб чиқиб, пишишни жадаллаштирувчи агротехник усулларни қўллаш.
Азиз фермерлар!
Давлатимиз томонидан пахта етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёзлар жорий этилган. Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 8 майдаги ПФ–82-сон Фармони билан имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланган хўжаликларни қўшимча рағбатлантириш механизмлари белгиланди. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш эса, аввало, юқори ҳосилдорликка эришишга боғлиқ.
Ҳар бир гектарда амалга оширилган сифатли агротехник тадбир эртанги мўл ҳосилнинг пойдеворидир. Бугунги меҳнат эртанги барака, юқори даромад ва мамлакатимиз пахтачилигидаги юксак натижаларнинг гаровидир.
Барчангизни "Долзарб – 20 кун" доирасида пахта далаларида агротехник тадбирларни юқори савияда ташкил этишга, ҳосилни асраб-авайлашга ва ҳар бир гектардан юқори ҳосил олиш йўлида фидокорона меҳнат қилишга чорлаймиз.
