Бухоро тумани: Новметан қишлоғида замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди
2026-07-10 18:40:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш, болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш ҳамда улар учун замонавий ва хавфсиз таълим муҳитини яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар самарасида ҳудудларда замонавий мактабгача таълим муассасалари бунёд этилиб, ёш авлоднинг баркамол вояга етиши учун муносиб шароитлар яратилмоқда.
Жорий йилнинг 10 июль куни Бухоро тумани Новметан маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Новметан қишлоғида Ислом тараққиёт банкининг молиявий кўмагида янгидан бунёд этилган 120 ўринли 40-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар хусусида ўз фикрларини билдирдилар.
Мазкур мактабгача таълим ташкилоти "Fast Quality Building" МЧЖ қурувчилари томонидан замонавий лойиҳа асосида бунёд этилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 миллиард сўмни ташкил этади.
Муассаса 120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган бўлиб, 4 та гуруҳ фаолият юритиши кўзда тутилган. бинода болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва маънавий камолоти учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Янги мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши Новметан қишлоғида мактабгача таълим қамровини янада кенгайтириш, болаларни замонавий таълим муҳити билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулай имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро туманида таълим соҳасини ривожлантириш, замонавий ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш ҳамда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.









