Buxoro tumani: Kobdunliklarning quvonchi cheksiz – Quyi Kobdun qishlog‘ida zamonaviy maktabgacha ta’lim tashkiloti foydalanishga topshirildi
2026-07-09 17:50:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш, болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш ҳамда улар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги «Ислом тараққиёт банки» ҳамда ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида таълим инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида Бухоро туманида навбатдаги муҳим ижтимоий объект фойдаланишга топширилди.
Бухоро тумани Истиқбол маҳалласининг Қуйи Кобдун қишлоғида бунёд этилган 15-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши раиси Р. Набиев, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган мазкур замонавий мактабгача таълим ташкилоти 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Қурилиш ишлари «Fast Quality Building» МЧЖ томонидан сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширилди.
Муассасада болаларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, 4 та замонавий гуруҳ хонаси, мусиқа ва спорт зали, ошхона, тиббиёт хонаси, болалар учун хавфсиз ва замонавий ўйин майдончалари, замонавий мебел ҳамда ўқув жиҳозлари, энергия тежамкор иситиш-совитиш тизими ва бошқа зарур инфратузилмалар ташкил этилган.
Мазкур таълим масканининг фойдаланишга топширилиши Қуйи Кобдун қишлоғи аҳолиси учун унутилмас воқеа бўлди. Шу кунгача қишлоқдаги кўплаб ёш оилалар боғча ёшидаги фарзандларини узоқ ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотларига қатнатишга ёки у ерга жойлаштиришда турли қийинчиликларга дуч келаётган эди. Эндиликда эса кобдунликларнинг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқиб, болажонлар ўз яшаш ҳудудининг ўзида барча замонавий қулайликларга эга мактабгача таълим ташкилотида тарбия олиш имкониятига эга бўлдилар.
Янги мактабгача таълим ташкилотининг ишга туширилиши нафақат мактабгача таълим қамровини кенгайтиришга, балки ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш ҳамда келажак пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай бунёдкорлик ишлари юртимизда инсон қадри, айниқса, болалар таълими ва тарбиясига қаратилган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.









