Бухоро тумани: 13-сон умумтаълим мактаби замонавий қиёфа касб этмоқда
2026-07-07 17:30:00 / Янгиликлар

Бухоро туманида таълим муассасаларини замон талаблари асосида янгилаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ўқувчилар учун замонавий ва қулай таълим муҳитини яратиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай бунёдкорлик ишлари Соҳибкор маҳалласида жойлашган 13-сон умумтаълим мактабида ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги 300-сонли **«Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»**ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, «XUMIN UNIVERSAL STROY» хусусий корхонаси томонидан мактаб биносида кенг кўламли мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, бино том қисмидаги эски шифер қопламаси замонавий тунука билан алмаштирилмоқда, эшик ва деразалар энергия тежамкор ромларга ўрнатилмоқда. Синф хоналари ҳамда фаоллар залида замонавий иссиқ пол тизими барпо этилаётгани таълим муассасасида қулай микроиқлимни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мактаб ҳудудига қуёш панелларини ўрнатиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш ва энергия сарфини камайтириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида ҳудудни янада обод қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мактаб ички йўлаклари бетонлаштирилмоқда, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда ҳамда таълим муассасаси атрофи замонавий темир панжара билан ўраб олинмоқда.
Мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етгач, 420 ўринли мактаб замонавий инфратузилма, энергия тежамкор технологиялар ва барча қулай шароитларга эга ҳолда янги ўқув йилида ўқувчиларни бағрига олади.
Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган мазкур объектга ташриф буюриб, лойиҳа ижросининг бориши билан яқиндан танишди. Ташриф давомида амалга оширилаётган ишлар сифати, қурилиш меъёрларига риоя этилиши ҳамда белгиланган муддатларда якунланиши юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Таълим муассасаларини замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган бундай лойиҳалар ўқувчилар учун янада қулай, хавфсиз ва сифатли таълим муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.









