Бухоро тумани: Ҳар қарич ер – барака манбаи — Боғикалонлик ёшнинг меҳнати кўплаб ёшларга ибрат
2026-07-01 13:30:00 / Янгиликлар

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда. Бухоро туманининг Боғикалон маҳалласида ҳам Президентимиз ташаббуси билан ёшларга ажратилган ер майдонлари меҳнатсевар йигит-қизлар учун барқарор даромад манбаига айланмоқда.
Бугунги кунда Боғикалон маҳалласида 7 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб 2 минг нафари ёшларни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг **«Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»**ги ПҚ-153-сон қарори асосида маҳалладаги 52 нафар ёшга сув таъминоти қулай, унумдор ҳамда аҳоли яшаш ҳудудига яқин жойлардан жами 10 гектар ер майдони ажратиб берилган. Бу имконият кўплаб ёшларнинг ўз меҳнати билан даромад топиши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига хизмат қилмоқда.
Ана шундай ташаббускор ёшлардан бири Абдулло Садуллаевдир. Асл касби уста бўлган Абдулло бугун деҳқончилик билан ҳам муваффақиятли шуғулланмоқда. Унга ажратилган 20 сотих ер майдонининг 2,5 сотихида иссиқхона ташкил этиб, помидор етиштирмоқда. Қолган ер майдонида эса турли сабзавот маҳсулотларини парваришлаб, мўл ҳосил олишга интилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, Абдулло бу ишни оила аъзолари билан биргаликда амалга оширмоқда. Уларнинг аҳил меҳнати, ердан оқилона фойдаланиши ва ҳар бир қарич ернинг қадрига етиши бугун ўз самарасини бермоқда. Етиштирилаётган маҳсулотлар оила даромадини ошириш билан бирга, бозорларни янги ва сифатли сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
— Муҳтарам Президентимизга Боғикалон маҳалласи ёшлари номидан самимий миннатдорлик билдираман. Бугун биз ёшларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз меҳнатимиз эвазига муносиб даромад топяпмиз. Маҳалламиз аҳолиси азалдан деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Биз ҳам ана шу анъанани давом эттириб, ажратилган ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Абдулло Садуллаев.
Бугунги кунда Боғикалон маҳалласида ёшларга ажратилган ер майдонлари самарали ўзлаштирилмоқда. Бу эса ёшларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, оилалар фаровонлигини юксалтириш ҳамда маҳаллада деҳқончилик маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Абдулло Садуллаевнинг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги ва ердан унумли фойдаланиш борасидаги тажрибаси бугун кўплаб ёшларга ибрат бўлмоқда. Унинг фаолияти давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш орқали ҳалол меҳнат билан барқарор даромад топиш мумкинлигини яққол намоён этмоқда.








