Бухоро туманида ўз меҳнати ва ташаббускорлиги билан даромад топиб, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорлар сафси тобора кенгайиб бормоқда.
2026-06-10 18:30:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани “Истиқбол” маҳалласи Талигандум қишлоғида истиқомат қилувчи Бобомурод Назаров бугунги кунда ўзининг меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан кўпчиликка намуна бўлиб келмоқда. У хонадонидаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик ва деҳқончиликни муваффақиятли йўлга қўйган.
Ташаббускор тадбиркор ўз хонадонида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, унда шлакблок, бетон устунлар ҳамда бошқа турдаги қурилиш маҳсулотларини тайёрламоқда. Маҳсулотларнинг сифатли ва харидоргирлиги ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб боришига хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, мазкур цех фаолияти орқали маҳалладаги 5 нафар ёш доимий иш ўрни билан таъминланган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларни меҳнатга жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бобомурод Назаров бунинг билан чекланиб қолмай, хонадони ҳудудидаги 6 сотихли иссиқхонада помидор етиштириш билан ҳам шуғулланмоқда. Иссиқхонада парваришланаётган помидорлардан мўл ҳосил олиниб, оиланинг даромад манбаи янада мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган Бобомурод Назаровнинг фаолияти ҳудуддаги бошқа фуқаролар учун ҳам ибрат бўлиб хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, меҳнат, интилиш ва ташаббус уйғунлашган жойда барака бўлади. Бобомурод Назаровнинг фаолияти бир хонадоннинг ўзида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали барқарор даромад топиш мумкинлигининг ёрқин намунасидир.









