Бухоро туманида ғалла режасини бажарган фермер хўжаликлари сони 80 тага яқинлашди
2026-06-10 14:05:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани миришкорлари вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича доимо пешқадамлар сафидан жой олиб келмоқда. Айниқса, пилла, ғалла ва пахта етиштиришда эришилаётган ютуқлар туманнинг меҳнаткаш деҳқон ва фермерлари заҳматининг, ерга бўлган меҳрининг ҳамда юксак масъулиятининг ёрқин ифодасидир.
Ана шундай фидокорона меҳнат самараси ўлароқ, жорий йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил етиштирилди. Айни кунларда ушбу қутлуғ неъматни йиғиб олиш ишлари туман ҳудудларида уюшқоқлик билан давом этмоқда. Далаларда замонавий комбайнлар узлуксиз ҳаракатда бўлиб, пишиб етилган ҳосилни қисқа муддатларда ва талафотларсиз йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қувонарлиси, бугунги кунга қадар Бухоро туманида давлатга ғалла топшириш бўйича белгиланган режани бажарган фермер хўжаликлари сони 80 тага яқинлашди. Бу эса ғаллакорларнинг мавсумга пухта тайёргарлик кўргани, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширгани ҳамда ҳосил учун фидойилик билан меҳнат қилганининг амалий натижасидир.
Айни пайтда Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов ҳудудларда бўлиб, ғалла ўрим-йиғим ишлари жараёни билан яқиндан танишмоқда. Далаларда фермерлар, комбайнчилар ва механизаторлар билан учрашиб, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, ўрим суръатларини янада жадаллаштириш ҳамда давлат хирмонига дон етказиб беришни ўз вақтида ташкил этиш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар бермоқда.
Туманда ўрим-йиғим мавсумини самарали ташкил этиш мақсадида зарур техника ва транспорт воситалари сафарбар этилган. Барча куч ва имкониятлар ҳосилни сифатли ва талафотларсиз йиғиб олишга йўналтирилган.
Дарҳақиқат, бугунги натижалар Бухоро тумани деҳқон ва фермерларининг машаққатли меҳнати, бой тажрибаси ва матонатининг самарасидир. Мавсум давом этар экан, туман ғаллакорлари давлат хирмонига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда эришилган ютуқларни янги марралар билан мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.








