Бухоро тумани: “Жўйзар” каналини бетонлаштириш ишлари бошланди
2026-06-06 17:25:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини барқарор сув билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим лойиҳалардан бири сифатида Бухоро тумани ҳудудидан ўтувчи “Жўйзар” каналини бетонлаштириш ишлари бошланди.
Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуддаги сув хўжалиги объектлари фаолияти ўрганилиб, хусусан, республикамиздаги энг қадимий суғориш тармоқларидан бири ҳисобланган “Жўйзар” каналидаги мавжуд ҳолат кўздан кечирилди. Ташриф давомида каналда сув йўқотишларини камайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда суғориш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида бетонлаштириш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда каналнинг 22,5 километрлик қисмини бетонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Лойиҳа якунлангач, ҳар йили қарийб 12 миллион куб метр сувнинг беҳуда сарфланишининг олди олинади.
1938 йилда қурилган “Жўйзар” канали бугунги кунда Бухоро тумани ва унга туташ ҳудудлардаги 13 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги майдонларини сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Каналнинг реконструкция қилиниши ва бетонлаштирилиши натижасида сув етказиб бериш сифати яхшиланиб, суғориш тизимининг самарадорлиги сезиларли даражада ортади.
Шунингдек, лойиҳа деҳқон ва фермер хўжаликлари учун қўшимча қулайликлар яратиб, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Бухоро туманида олиб борилаётган бетонлаштириш ишлари ҳудудда сув таъминотини янада яхшилаш, сув йўқотишларини камайтириш ва аграр соҳа самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.






