Самарали ижро интизоми — ислоҳотлар натижадорлигининг муҳим кафолати
2025-10-21 12:05:00 / Янгиликлар

Ҳафтанинг ҳар душанба кунлари Бухоро шаҳар ҳокими раҳбарлигида, ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳузурида ижро интизоми ҳолати танқидий муҳокама қилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси кунбай қатъий назорат қилинмоқда.
“Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро электрон тизими киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан экспертизадан ўтказилганидан сўнг назоратдан ечилиши белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, шаҳар ҳокимлиги аппаратида ушбу топшириқлар белгиланган муддатларда ва пухта бажаралишини таъминлаш мақсадида олдиндан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилган.
Яъни ҳар ойда 2 маротаба келгуси ойнинг якунига қадар ижро муддати келадиган топшириқлар рўйхати эслатма сифатида ҳоким ўринбосарлари, маслаҳатчилари, бўлинма раҳбарлари ва масъул ходимларга етказилмоқда.
Ҳокимлик аппаратида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳақидаги маълумотларни ижро муддати якунланишини кутмасдан электрон дастурга олдиндан киритиб бориш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда.
Бухоро шаҳар ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари томонидан ҳар ойда битта корхона ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси мақсадли ўрганилмоқда. Жумладан, жорий йил сентябр ойида Бухоро шаҳар камбағалликни қисқаритирш ва бандлик бўлимида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳолати ўрганилди. Бундан ташқари жорий йилнинг август ойида вилоят ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари томонидан Бухоро шаҳар ҳокимлигида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этиш ва топшириқлар ижросини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
2025-йилнинг 9 ойи (январ-сентябр) давомида шаҳар ҳокимлиги аппаратида ижро интизомининг ҳолати 78 маротаба муҳокама қилинган.
2023-йил 21-ноябр куни Президентимиз раҳбарликларида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича берилган топшириқлардан келиб чиқиб, ҳар бир топшириққа “темир интизом” билан жиддий ёндошиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг топшириқларини ўз вақтида, самарали ҳамда тўлиқ бажаришда шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар корхона ташкилотлар раҳбарларининг роли ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш чоралари кўрилиб, сусткашликка йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўриб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами “edo.ijro.uz” идоралараро ягона электрон тизими орқали 20 681 та топшириқ ва ҳужжатлар келиб тушган бўлиб, шундан, 6 494 таси вилоят ҳокимлигидан (юқори турувчи ташкилот) юборилган қарор, фармойишлар, топшириқлар йиғилиш баёнлари, режалар, фуқаро мурожаатлари ва бошқа ҳужжатлардир. Қолган 14 187 таси Республика, вилоят, шаҳар ташкилотларидан келган топшириқ, фуқаро мурожаатлари ҳамда бошқа турдаги қабул қилинган ҳужжатлардир.
2025-йил январ-сентябр ойлари давомида янги қабул қилинган 541 та ҳужжатлар жумладан, 74 та Ўзбекистон Республикаси қонунлари, 73 та Президент Фармонлари, 124 та Президент қарорлари, 2 та Президент фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 264 та қарори ҳамда 4 та фармойиши рўйхатга олинган. Мазкур ҳужжатлар бўйича шаҳар ҳокимлигида 150 та шаҳар ҳокими қарори, 5 та фармойиш, 117 та чора-тадбир ва бошқа тадбирларда жами, 278 та ҳужжат расмийлаштирилган.
Бухоро шаҳар ҳокимлиги аппаратида Президент ҳужжатлари назорат режаси, топшириқлар ва мурожаатларни кўриб чиқишда белгиланган муддатларни бузиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида барча бўлимлар томонидан ҳамкорликда ишлар ташкил этилиб, жорий йил октябр ойида муддати келадиган ҳужжатларни 25-октябрга қадар бажариш чораларини кўриш белгиланди.
Бухоро шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратида Президентимизнинг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш бўйича барча имкониятлар ишга солиниб, зарурий чоралар кўрилмоқда.
И.Сувонов,
Бухоро шаҳар ҳокимлиги аппарати ижро интизоми назорати бўйича бош мутахассис
