Миллий ҳунармандчилик – иқтисодий мустақиллик пойдевори
2025-07-04 10:00:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги “Ҳавзи-нав” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг яққол намунаси бўла олади. Маҳаллада ҳар бир соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айниқса, ёш қизларни тадбиркорликка, касаначиликка ва миллий ҳунармандчиликка йўналтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай фаол аёллардан бири Шахло Қурбонова шу маҳалланинг Муқимий кўчасида истиқомат қилади ва бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти орқали нафақат ўзини, бир неча хотин-қизларни иш билан таъминлаб келмоқда. Давлат томонидан 15 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиб, ушбу маблағ тикувчилик фаолиятини йўлга қўйишга йўналтирилди. Бугунги кунда у ёш келинлар ва қизалоқлар учун миллий либослар тикиб, миллий қадриятларимизни тарғиб этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Кредитларини вақтида тўлаб бораётган Шахло Қурбонаванинг тадбиркорликдан олаётган даромади ҳам мўмайгина бўлиб, 1 ойлик соф фойда 5 млн сўмни ташкил этади. Тадбиркор ва икки шогирди томонидан тикилган либослар ўз мижозларига эга. Моҳир ҳунарманд фақат Бухоро шаҳрида эмас, балки Тошкент вилоятига ҳам маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйган. Буюртмачиларнинг мамнунлиги унинг фаоллигини ошириб, тадбиркорлигини янада кенгайтириб, кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланишида ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.


