Бухоро ва Грозний шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисида битим имзоланди
2025-07-01 18:35:00 / Янгиликлар

Битимга Бухоро шаҳар ҳокими ва Грозний мери томонидан расмий имзо чекилди. Томонлар ушбу ҳамкорлик доирасида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий алмашинувлар, ёшлар ва талаба алмашинуви каби йўналишларда ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш борасида келишувга эришдилар. Тадбир доирасида икки шаҳар вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилиб, томонлар савдо-иқтисодий, туризм, шаҳарсозлик ва экология соҳаларидаги ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилдилар.
Биродарлашган шаҳарлар мақоми Бухоро ва Грозний ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилиши кутилмоқда. Ушбу ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамликни янада мустаҳкамлайди.
Маълумот ўрнида, Бухоро шаҳри ҳозирда дунёнинг 16 та шаҳарлари билан биродарлашган шаҳар муносабатларини ўрнатган бўлиб, улардан тўрттаси Россия Федерациясидаги Братск, Дербент, Владимир, Нижний-Новгород шаҳарлардир.





