“Маънавият ва маърифат маскани” иш бошлади
2025-05-21 11:00:00 / Янгиликлар

Хусусан Давлатимиз раҳбари 2021-йил 26-мартда имзолаган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда “Маънавият ва маърифат” масканини ташкил этиш тўғрисида таклиф берилганди.
Бугун Бухоро шаҳри марказида ҳам “Маънавият ва маърифат маскани” иш бошлади. Шу муносабат билан тантанали тадбир ташкил этилди. Тадбирда шаҳар ҳокимлиги вакиллари, соҳа мутахассислари, таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, кенг жамоатчилик иштирок этди. Масканда кутубхона, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган зал, интерактив ўқув хоналари ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган хоналар мавжуд.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги марказ ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва маънавий тарбиясини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини, шу билан бирга, бу каби масканларни ташкил этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси эканини қайд этишди.
Шундан сўнг алвон лента қирқилиб, меҳмонлар масканда яратилган шароитлар билан танишишди.









