Ибратли оилалар эътироф этилди
2025-05-17 10:20:00 / Янгиликлар
БМТ Бош Ассамблеясининг 1993-йил 20-сентябрдаги резолюциясига мувофиқ 15-май — Халқаро оила куни сифатида 1994-йилдан буён бутун дунёда кенг нишонланиб келмоқда. Ушбу сана юртимизда ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Оила институтини мустаҳкамлаш, қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилаларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш анъанага айланган.

Шу муносабат билан Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари М.Умарова оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш, жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги ва ривожи учун муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ибрат кўрсатаётган оилаларни хонадонларида бўлиб, уларни табриклади. “Ибратли оила” кўкрак нишони, гувоҳномаси, пул мукофотлари сертификатлари эгаларига тақдим этилди.
Шу билан биргаликда Бухоро шаҳридаги “Олмос” меҳмонхонасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бухоро шаҳридан таклиф этилган 11 нафар оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишони, гувоҳномаси, пул мукофотлари сертификатлари топширилди.









