Оммавий ахборот воситалар вакиллари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил қилинди
2025-05-07 17:00:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги ноқонуний қурилишларни бартараф қилиш, ободонлаштириш ишлари, шунингдек, "Реклама тўғрисида"ги қонун талабларининг бажарилиши мавзусига бағишланган тадбирда мутасаддилар оммавий ахборот воситалари ходимларига амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича ахборотт бердилар.
Ноқонуний қурилишлар бўйича таҳлилларга мурожаат қилган Бухоро шаҳри ҳокими Кадастр агентлиги шаҳар бўлими томонидан 2024 йилда ҳудудда ерлардан фойдаланиш аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилганида 345 та ҳолатда ўзбошимчалик билан ер майдони эгаллаш ва ноқонуний қурилиш ҳолатлари аниқланганини баён этди. Шундан 127 та ҳолатда фуқаролар томонидан ноқонуний қурилмалар ихтиёрий равишда бартараф этилган бўлиб, 218 та ҳолатда қонунбузарларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Тегишли судларга бу қурилмаларни бартараф этиш тўғрисида даъво аризалари киритилиб, уларни буздириш юзасидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.
Худди шундай ҳолат жорий йил шу кунги ҳолатида 164 та ҳолатда қайд қилинган бўлиб, кўрилган таъсир чоралари, огоҳлантиришлардан сўнг 105 та ҳолатда қурилмалар фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бузилган. Аммо 59 та ҳолатда ўзбошимча, қонунбузар фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилиб, судларга бу қурилмаларни бартараф этиш тўғрисида даъво аризалари киритилган.
Шаҳарда реклама ёзувлари ифодаланишига келсак, бу борада Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги “Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 428-сонли қарорига мувофиқ иш олиб борилмоқда.
Бу борада шаҳар ва туманлардаги ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилда хатлов жараёнида вилоятда
820 та ўрганиш ўтказилиб, шундан 485 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Шунинг юзасидан 16 та ҳолатда иш қўзғатилган бўлса, 10 та қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилган ва 6 та тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилган. Айни кунда ҳар бир қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари ва тушунтиришлар берилган.
Матбуот анжуманида ҳозир бўлган журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олдилар.








