Бухоро шаҳрида иқлим билан боғлиқ хавфларни баҳолаш ва мослашув чораларига бағишланган халқаро семинарни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-09 21:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда ЮНЕСКОнинг Маданият масалалари бўйича Бош директор ёрдамчиси Жаноб Наеф Ал-Фаез раҳбарлигида ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси вакиллари ҳамда Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Феруз Хамроев иштирок этди.
Мулоқот давомида Бухоро шаҳрининг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, иқлим ўзгариши натижасида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг тарихий обидалар ва шаҳар инфратузилмасига таъсирини баҳолаш, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича самарали чораларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, режалаштирилаётган семинар доирасида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида техник баҳолаш ишларини амалга ошириш, тегишли ташкилотлар мутахассисларининг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда илғор халқаро тажрибаларни Бухоро шароитида қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташаббус Бухоронинг ноёб тарихий-маданий меросини иқлим ўзгариши таъсиридан муҳофаза қилиш, барқарор шаҳар ривожланишини таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.








