"Боғидашт" ва "Навбаҳор" маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари давом этмоқда
2026-11-06 18:10:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг умумий қиймати 19 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 15 миллиард сўми ташаббускор маблағлари, 4 миллиард сўми Республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳа буюртмачиси «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида ҳудудда 25 дона манзарали декоратив чироқ, 40 та чиқинди қутиси, 50 та замонавий ўриндиқ, 35 та кичик архитектуравий декоратив элемент ва 30 квадрат метр стелла ҳамда бошқа манзарали декоратив иншоотлар ўрнатилади. Шунингдек, 1 дона сунъий фаввора барпо этилиб, ҳудуднинг эстетик қиёфаси ва архитектуравий муҳитини янада яхшилаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 800 метр масофада тупроқ ишлари амалга оширилиб, 1,6 километр брусчатка ётқизилади, 1,6 километр пиёдалар йўлакчаси қурилади. Шу билан бирга, 1,6 километр масофада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида аҳолига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар ҳажми 9,2 миллион сўмни ташкил этиши, 30 та янги ва кенгайтириладиган хизмат кўрсатиш ҳамда сервис объектлари ташкил этилиши, 60 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Шунингдек, лойиҳа ҳисобига қўшимча йиллик солиқ тушумлари 1,1 миллиард сўмга етказилиши режалаштирилган.
Мазкур бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини 2026 йил декабрь ойида тўлиқ якунлаш белгиланган. Лойиҳа натижасида маҳаллаларнинг замонавий қиёфаси шакллантирилиб, йўл-транспорт ва пиёдалар инфратузилмаси такомиллаштирилади, аҳоли учун қулай дам олиш масканлари яратилади ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти янада ошади.









