Миллий қадриятлар ва тадбиркорлик ривожи йўлида
2026-10-26 18:10:00 / Янгиликлар

Санжар Назаров 2001-йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланиб келмоқда. Ҳунармандлар оиласида вояга етган тадбиркор аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий ҳунарларни давом эттириш билан бирга, Бухоро каштачилик мактаби анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.
Бугунги кунда унинг фаолияти доирасида 200 нафарга яқин ёлланма ишчи меҳнат қилмоқда. Улар тикувчилик, тўқувчилик ва каштачилик каби йўналишларда фаолият юритиб, миллий нақшлар ва нафис безаклар билан бойитилган маҳсулотлар тайёрламоқда. Ишчиларга меҳнат фаолияти ва бажарилган иш ҳажмига қараб кунига 200 минг сўмгача иш ҳақи тўланади. Бу эса кўплаб оилалар даромад манбаи ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тадбиркор маҳсулотларни буюртмалар асосида тайёрлаб, нафақат ички бозорда, балки халқаро бозорда ҳам ўз харидорларига эга бўлган. Унинг ҳунармандчилик маҳсулотлари Европа ва Америка давлатларига ҳам етказиб берилади. Жумладан, каштачилик санъати билан безатилган сумкалар 250 АҚШ долларидан, кашта туширилган адрас матолари эса 1 000 АҚШ долларидан сотилмоқда. Бу кўрсаткичлар Бухоро миллий ҳунармандчилигининг юксак бадиий қиймати ва хорижий бозорлардаги талабини намоён этади.
Санжар Назаров нафақат миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, балки унинг давомийлигини таъминлашга ҳам катта аҳамият бермоқда. У ёш авлодга миллий ҳунар сирларини ўргатиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда анъанавий санъатимизга бўлган қизиқишини оширишга интилмоқда.
Бундай ташаббускор тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, миллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва ёшларни ҳунармандчиликка жалб этиш орқали ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш мумкин. Санжар Назаровнинг фаолияти эса миллий мерос, тадбиркорлик ва бандликни ўзида мужассам этган самарали меҳнат намунасидир.






