Хонадондаги лимонзор — оилавий даромад манбаи
2026-10-22 17:35:00 / Янгиликлар

Маҳалланинг Аҳмад Борбанд кўчаси, 24-уйда яшовчи Нигина Очилова ишдан бўш вақтларини самарали ташкил этиш, қўшимча даромад топиш ва оиласи фаровонлигини янада ошириш мақсадида қайнотаси Ўктам Жабборов билан биргаликда ўз хонадонида лимончилик фаолиятини йўлга қўйган.
Оила аъзоларининг меҳнати, изланиши ва парвариши натижасида хонадондаги лимон кўчатлари ҳосилга кириб, бугун кўзни қувнатадиган манзара ҳосил қилган. Мўл ҳосилдан умидвор оила аъзолари ўз меҳнатларининг самарасини кўриб, мамнунлик билан фаолиятларини давом эттирмоқда. Мавжуд лимонзордан йилига тахминан 400–500 килограмм ҳосил олиш имконияти мавжуд бўлиб, бу оила бюджетига қўшимча даромад келтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Нигина Очилова суҳбат давомида хонадонда йўлга қўйилган ушбу фаолият оиласи учун нафақат қўшимча даромад манбаи, балки меҳнатсеварлик ва ташаббускорлик намунаси эканини таъкидлади. Унинг фикрича, ердан унумли фойдаланиш, ҳар бир имкониятни қадрлаш ва меҳнатга астойдил ёндашиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Нигина Очилова ва Ўктам Жабборовнинг хонадонда лимончиликни йўлга қўйгани оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонликни ошириш йўлидаги ибратли ташаббуслардан биридир. Бундай саъй-ҳаракатлар маҳаллада тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда бошқа оилаларни ҳам ўз имкониятларидан самарали фойдаланишга ундашга хизмат қилади.






