Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг 30-сессияси бўлиб ўтди
2026-10-22 16:45:00 / Янгиликлар

Сессия кун тартибидан шаҳар ҳаётининг муҳим йўналишларига оид қатор масалалар ўрин олди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳридаги Халқ қабулхонасининг 2026-йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ахбороти тингланди. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги географик обектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сессияда Бухоро шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг 9 ойи давомида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ахбороти тингланди. Бундан ташқари, Бухоро шаҳрида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2026-йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан шаҳар ички ишлар органларининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Шаҳар маҳаллий буджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш масаласи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Буджет кодексининг 27-моддасига мувофиқ, Бухоро шаҳар маҳаллий буджетининг 2026-йил 9 ойлик даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги масала ҳам кун тартибидан ўрин олди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланиб, муҳокамалар якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда кўриб чиқилган масалалар шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда маҳаллий буджет маблағларидан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.









