Бухоро шаҳридаги маҳаллаларда ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари муҳокама қилинди
2026-10-14 13:10:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Боғимайдон” маҳалласи тажрибаси асосида ишлаб чиқилган лойиҳа доирасидаги вазифалар, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, маҳаллаларда янги маҳалла биноси ва ёшлар кутубхонасини ташкил этиш, жамоат маскани барпо қилиш, 3 та болалар майдончасини қуриш ҳамда кўп қаватли уйларнинг 6 та фасад қисмига тасвирлар тушириш режалаштирилган. Шунингдек, пиёдалар йўлакларининг 9 минг квадрат метр қисмини қуриш, 3,3 километр суғориш тизимини барпо этиш, 32 та кўп қаватли уйнинг ташқи ва ички қисмларини таъмирлаш, 18 минг квадрат метр ички йўлларни асфалтлаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 24 та видеокузатув камерасини ўрнатиш, 44 та кириш эшигига кодли қулф ўрнатиш, ҳудудларга 1 минг туп манзарали дарахт экиш ҳамда фавворалар ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 36 та янги савдо нуқтасини ишга тушириш орқали 240 нафар фуқаро учун иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Штаб йиғилишида мазкур ишларни ўзаро мувофиқлаштириш, масъул ташкилотлар ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ижросини самарали ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Режалаштирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудларни янада обод қилиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга эришиш кўзда тутилган.









