Ибн Сино кўчаси замонавий ва шинам ҳудудга айлантирилмоқда
2026-10-12 12:50:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа доирасида умумий узунлиги 2,3 километр бўлган йўл қисмининг икки томонида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва замонавий инфратузилмани яратиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 21,8 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 18 миллиард сўм буюртмачи маблағлари, 3,8 миллиард сўм эса республика маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.
Ҳудудда 25 дона кўча чироғи, 20 дона манзарали декоратив чироқ, 25 та чиқинди қутиси ва 30 дона ўриндиқ ўрнатилади. Шунингдек, сунъий фаввора, декоратив стеллалар ва кичик архитектуравий элементлар барпо этилади. Йўлнинг 1 километр қисмида брусчатка ётқизилиб, 2,3 километр узунликда пиёдалар йўлакчалари қурилади.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудуднинг замонавий қиёфаси шакллантирилиб, аҳоли ва шаҳарга ташриф буюрувчилар учун янада қулай ва шинам муҳит яратилади. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасида 10 та обектни ташкил этиш ва кенгайтириш ҳамда 50 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Шаҳар ҳокими ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш давомида лойиҳа доирасидаги вазифаларнинг сифатли бажарилиши, белгиланган муддатларга риоя этилиши ва яратиладиган инфратузилманинг замонавий талабларга мос бўлишига эътибор қаратди.









