Ёшлар билан очиқ мулоқот: муаммо ва таклифлар тингланди
2026-10-08 18:05:00 / Янгиликлар

Навбатдаги учрашувда Бухоро шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари Феруз Хамроев ва Гулҳаё Ҳайдарова иштирок этиб, 50 нафар ёш билан очиқ ва самимий мулоқот қилди.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қийнаётган масалалар, таклиф ва ташаббусларини эркин баён қилдилар. Мурожаатларнинг асосий қисми ёшларни иш билан таъминлаш, бандлигини ошириш, муносиб даромад манбаларини яратиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд бизнесини ривожлантириш учун амалий кўмак олиш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши, ўз қизиқиш ва салоҳиятига мос фаолият билан шуғулланиши, янги лойиҳаларни амалга ошириши ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариши бўйича фикр ва таклифлари тингланди.
Билдирилган ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор билан кўриб чиқилиб, масалаларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ёшлар билан бундай очиқ мулоқотлар — муаммоларни жойида аниқлаш, уларга тезкор ва амалий ечим топиш, энг муҳими, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.









