Ўқитувчи ва мураббийлар эъзозда
2026-09-30 19:00:00 / Янгиликлар

Тадбирни Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида устоз ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳамда халқимизнинг маънавий-маърифий тараққиётига қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Шаҳар ҳокими барча педагогларни касб байрами билан самимий муборакбод этиб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва масъулиятли фаолиятларида зафарлар тилади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати учун бир гуруҳ устоз ва мураббийларга шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбири бир пиёла чой устида, самимий ва самимиятга бой мулоқот руҳиятида давом этди. Унда устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириш, таълим сифатини ошириш ҳамда ёшлар тарбиясидаги устувор вазифалар ҳақида фикр алмашинди.
Кўтаринки кайфият ва юксак эҳтиром руҳида ўтган ушбу тантана барча иштирокчиларда унутилмас ва ёрқин таассуротлар қолдирди.









