14-сонли ДМТТнинг янгиланган биноси фойдаланишга топширилди
2026-09-21 17:05:00 / Янгиликлар

Ўтган асрнинг 70-йилларида барпо этилган, 180 нафар тарбияланувчига мўлжалланган мазкур муассаса кўп йиллар давомида мукаммал таъмир кўрмаган эди. Эндиликда эса умумий қиймати 7 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида бино тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий ва қулай таълим муҳити яратилди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги 300-сонли «Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилиб, муассасада энергия тежамкор технологиялар кенг жорий этилди.
Хусусан, бинода замонавий қуёш панеллари ўрнатилиб, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш имконияти яратилди. Шунингдек, болажонлар учун қулай ва соғлом муҳит яратиш мақсадида замонавий «иссиқ пол» тизими ўрнатилди.
Қурилиш-пудрат ишлари танлов асосида «Капитал сифат сервис» МЧЖ томонидан амалга оширилди. Таъмирлаш жараёнида муассасанинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўлиқ янгиланди, хоналар замонавий талаблар асосида жиҳозланди ҳамда энергия самарадорлигини таъминлашга қаратилган технологиялар жорий этилди.
Янгиланган боғчада тарбияланувчиларнинг хавфсиз, шинам ва замонавий шароитларда таълим-тарбия олиши учун барча зарур имкониятлар яратилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мактабгача таълим муассасаларини замонавийлаштириш, уларда энергия самарадорлигини таъминлаш ва болалар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш келажак авлодга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Очилиш маросимида муассаса жамоаси ва қурилиш ишларида иштирок этган мутахассисларга миннатдорчилик билдирилиб, янгиланган масканда тарбияланувчи болажонларга соғлик, бахт ва порлоқ келажак тилаб қолинди.









