Касб ортидан келган барака
2026-09-08 11:30:00 / Янгиликлар

Зулфия Сафоева 2022-йилда 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган. Дастлаб 4 та тикув машинаси билан иш бошлаган тадбиркор бугунги кунга келиб ўз фаолиятини янада кенгайтириб, тикув машиналари сонини 10 тага етказди.
Жорий йилда тадбиркор ва унинг турмуш ўртоғига 50 миллион сўмдан, жами 100 миллион сўм кредит ажратилиб, мавжуд фаолиятни янада ривожлантириш учун кенг имконият яратилди.
Бугунги кунда Зулфия Сафоева 10 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаган бўлиб, шунингдек, 5 нафар шогирдга касб-ҳунар ўргатиб, уларнинг келажакда мустақил даромад топиши учун замин яратмоқда.
Тадбиркорнинг ойлик даромади 10–15 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда. У асосан маҳаллий аҳоли буюртмалари асосида миллий услубдаги келин кўйлаклари тайёрлайди. Шу билан бирга, маҳсулотларини Бухоро шаҳрининг Эски шаҳридаги савдо дўконларига ҳам реализация қилиб, ўз маҳсулотларининг бозорини кенгайтириб бормоқда.
Зулфия Сафоеванинг бугунги фаолияти тадбиркорликни бошлаш учун катта сармоядан кўра, меҳнат, ҳаракат, ташаббус ва берилган имкониятдан унумли фойдаланиш муҳим эканининг ёрқин намунасидир.
Унинг тадбиркорликдаги ютуқлари нафақат оиласи фаровонлигини таъминлаш, балки янги иш ўринлари яратиш, ёшларга ҳунар ўргатиш ва миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттиришга ҳам хизмат қилмоқда.





