Қаровсиз хонадон замонавий меҳмонхонага айлантирилди
2026-09-07 11:50:00 / Янгиликлар

"Кўкалдош" маҳалласи "Пойи Остона" кўчаси, 1-уйда қаровсиз ҳолда турган хонадон тадбиркор Азизбек Сатторов томонидан самарали фойдаланишга киритилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган «МЕРОС» меҳмонхонасига айлантирилди.
Тадбиркорлик ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида Азизбек Сатторов ҳамда унинг турмуш ўртоғига 33 миллион сўмдан кредит маблағлари ажратилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан хонадон реконструкция қилиниб, меҳмонхона зарур мебел ва жиҳозлар билан таъминланди ҳамда хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда «МЕРОС» меҳмонхонасида 10 та хона мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 20 нафар меҳмонни қабул қилиш имконияти яратилган. Меҳмонхона фаолияти орқали 4 та янги иш ўрни ташкил этилган. Меҳмонхонада маҳаллий ва хорижий сайёҳларга замонавий жойлаштириш ва меҳмондўстлик хизматлари кўрсатилмоқда. Хусусан, Бухорога ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий туристлар учун қулай яшаш шароитлари яратилган.
Тадбиркорлик субектининг ойлик даромади ҳозирда 4–6 миллион сўм атрофида шаклланмоқда. Эътиборлиси, мазкур лойиҳа орқали аввал фойдаланилмай турган хонадон иқтисодий фаолиятга жалб қилиниб, туристик жойлаштириш воситаси сифатида қайта ташкил этилди. Бу эса бир вақтнинг ўзида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шаҳарнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бундай ташаббуслар Бухоро шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хизматлар соҳасини кенгайтириш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун жойлаштириш инфратузилмасини янада бойитишда муҳим аҳамият касб этади.







