Истиқлол туҳфаси: Бухоро шаҳридаги 34-мактабда замонавий таълим муҳити яратилди
2026-09-02 15:30:00 / Янгиликлар

Таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, ўқув биноларининг фунционал имкониятларини кенгайтириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш ҳамда замонавий педагогик жараёнлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир. Бухоро шаҳридаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Мазкур таълим масканида Инвестиция дастури доирасида 14,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, ички қисмини капитал таъмирлаш, ўқув жараёни учун зарур инфратузилмани модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини “ЭЛБЕТОН” МЧЖ қурувчилари томонидан сифатли ва белгиланган лойиҳа талаблари асосида бажарилди.
Реконструкция жараёнида мактаб биносининг ички ва ташқи қиёфаси тубдан янгиланиб, синф хоналари, йўлаклар, умумий фойдаланиш ҳудудлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари замонавий стандартлар асосида таъмирланди. Электр таъминоти, иситиш, сув таъминоти ва бошқа муҳандислик инфратузилмаси тизимлари такомиллаштирилиб, таълим жараёнининг узлуксизлиги ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
1176 ўринли мактабнинг янгиланган биноси ўқувчилар учун янада қулай ва замонавий таълим олиш имкониятларини яратмоқда. Ёруғ ва шинам синф хоналари, тартибга келтирилган йўлаклар, янгиланган коммуникация тизимлари ҳамда ободонлаштирилган ҳудуд таълим муассасасининг замонавий қиёфасини янада бойитди.
Мустақилликнинг 35 йиллик шодиёналари давом этаётган айни кунларда янгиланган мактабнинг фойдаланишга топширилиши айниқса 2-сентябр "Билимлар куни" муносабати билан ўзига хос байрамона руҳда нишонланди. Байрам тадбирида мактаб жамоаси, ўқувчилар, ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, таълим масканининг янгиланган қиёфаси билан яқиндан танишдилар. Айниқса, узоқ кутилган янги ўқув йилини замонавий ва шинам мактаб биносида бошлаётган ўқувчиларнинг қувончи тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Янги ўқув йилида 34-мактабнинг биринчи синфига 214 нафар болажон қабул қилинди. Улар учун мактаб остонасидан илк бор қадам қўйиш жараёни унутилмас таассуротларга бой бўлди. Умуман, жорий ўқув йилида таълим масканида 1120 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга замонавий билим ва кўникмалар бериш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда баркамол шахс сифатида тарбиялаш йўлида 85 нафар педагог ходим фидокорона меҳнат қилмоқда.
Билимлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ўқувчилар томонидан Ватанга муҳаббат, она юртга садоқат, устозларга ҳурмат ва илм-маърифатга интилиш ғояларини тараннум этувчи чиқишлар намойиш этилди. Биринчи синфга қадам қўйган жажжи ўқувчиларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларга янги ўқув йилида улкан муваффақиятлар тиланди.
Мактаб — нафақат билим бериладиган, балки ёш авлоднинг дунёқараши, маънавияти ва келажакдаги ҳаёт йўли шаклланадиган муҳим маскандир. Шу боис таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, педагоглар ва ўқувчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш келажак авлодга қаратилган энг муҳим инвестициялардан биридир.
Бухоро шаҳридаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабининг янгиланган қиёфаси ҳам бунёдкорлик ва тараққиётнинг амалий натижаси сифатида ўқувчиларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Энг муҳими, янги ўқув йилининг замонавий, қулай ва хавфсиз таълим муҳитида бошлангани ўқувчилар, ота-оналар ва устозлар учун катта қувонч бахш этди.








