Бухоро туризмини ривожлантиришда Хитой тажрибасидан фойдаланилади
2026-08-29 10:30:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида Шинжон-Уйғур автоном раёни Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз билан учрашув ташкил қилиниб, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Урумчи ва Қашқар шаҳарларида туризм бозорлари, музейлар, тарихий ҳудудлар ва туристик инфратузилма фаолияти ўрганилди.
Хусусан, Қашқар эски шаҳрида тарихий муҳитни сақлаган ҳолда савдо, ҳунармандчилик, миллий гастрономия, маданий тадбирлар ва кечки туризмни йўлга қўйиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганилган тажрибалар асосида Бухоро шаҳрида туристларнинг бўлиш муддатини узайтириш, тарихий-маданий обектлар, музейлар, ҳунармандчилик марказлари, савдо ва гастрономия объектларини ягона туристик маршрутга бирлаштириш, шунингдек, кечки туризмни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Хитой тажрибасининг жорий этилиши Бухоронинг туристик салоҳиятини янада ошириш ва шаҳарни халқаро туризмнинг жозибадор марказларидан бири сифатида ривожлантиришга хизмат қилади.






