Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунар
2026-08-21 10:30:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Илёр Жумаев ўз хонадонида оилавий устахона ташкил этиб, дурадгорлик фаолиятини муваффақиятли давом эттирмоқда. Хонадонида жойлашган устахонада 40 дан ортиқ турдаги дурадгорлик буюмлари тайёрланади. Маҳсулотларга ишлов берилиб, ранг берилади ва харидорга тайёр ҳолатда тақдим этилади.
Устанинг фаолиятида оилавий анъаналар алоҳида ўрин тутади. Ҳозирда у отаси, ўғли, набираси ҳамда 3 нафар шогирди билан биргаликда меҳнат қилиб, ёш авлодга дурадгорлик ҳунарининг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
Хонадонида ўзига хос уй-музей ҳам ташкил этилган. Мазкур масканга ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар нафақат тайёр маҳсулотлар билан танишиш, балки уларнинг тайёрланиш жараёнини бевосита кузатиш имкониятига эга. Сайёҳлар учун ҳунарманднинг хонадони миллий ҳунармандчилик анъаналари билан яқиндан танишиш мумкин бўлган қизиқарли масканга айланган.
Уста томонидан тайёрланган маҳсулотлар хонадоннинг ўзида ҳам сотилади. Шунингдек, Эски шаҳар қисмида жойлашган дўкони орқали ҳам ўз маҳсулотларини харидорларга таклиф этади. Айниқса, сайёҳлик мавсумида маҳсулотларга бўлган талаб юқори бўлиб, ҳунарманднинг даромади ўртача 10–15 миллион сўмни ташкил этади.
"Кўкалдош" маҳалласида фаолият юритаётган ушбу оилавий устахона бугунги кунда ҳунармандчилик, оилавий анъана ва туризм уйғунлашган ўзига хос масканлардан биридир.






