Байрам шукуҳи — арзон ва сифатли маҳсулотлар билан
2026-08-16 11:10:00 / Янгиликлар

Жумладан, Бухоро шаҳридаги "Марказий деҳқон бозори" ҳудудида 10 августдан 10 сентябрга қадар арзонлаштирилган савдо ярмаркаси фаолияти йўлга қўйилган. Ярмаркада аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган 24 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ташкил этилган.
Хусусан, ярмарка расталарида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, гуруч, картошка, пиёз, сабзи каби қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотлари, турли хил мавсумий мевалар, ўсимлик ёғи ҳамда бошқа истеъмол товарлари бозор нархларига нисбатан арзонлаштирилган қийматларда харидорларга таклиф этилмоқда.
Савдо ярмаркасида маҳсулотларнинг етарли захираси шакллантирилган бўлиб, аҳоли талабини узлуксиз қондириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилган. Бу эса ички истеъмол бозорида маҳсулотлар таъминоти барқарорлигини сақлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, янги ўқув йили арафасида аҳоли, айниқса, ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида Марказий деҳқон бозорида «Мактаб бозори» ҳам ташкил этилган. Унда 100 дан ортиқ турдаги ўқув қуроллари ва мактаб анжомлари харидорларга «биринчи қўл» тамойили асосида, яъни тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар томонидан таклиф этилмоқда.
Ташкил этилган мазкур савдо ярмаркалари аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, зарур маҳсулотларни арзон, сифатли ва кафолатланган тарзда харид қилиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, байрам олдидан ички бозорда истеъмол товарлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Бундай ярмаркаларнинг тизимли ташкил этилиши аҳоли фаровонлигини ошириш, истеъмол бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва халқимизнинг байрамона кайфиятини юксалтиришга хизмат қилади.









