Бухоро шаҳрида янги замонавий оилавий поликлиника бунёд этилмоқда
2026-07-14 09:05:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов иштирок этиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Қурилишнинг хайрли ва баракали бўлиши тилаб, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида Қуръон тиловат қилиниб, дуолар ўқилди.
Маълумки, мазкур поликлиника шу вақтгача 1972-йилда қурилган, аввал Бухоро пахта-тўқимачилик комбинати (ХБК) ётоқхонаси сифатида фойдаланилган бинода фаолият юритиб, 45 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келган. Бинонинг эскиргани ва замонавий тиббиёт талабларига жавоб бермаслиги боис, уни янгидан қуриш зарурати юзага келган.
Президент Администрацияси раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириққа асосан, эски бино ўрнида барча замонавий талабларга жавоб берадиган янги тиббиёт муассасасини барпо этиш ишлари бошланди.
Лойиҳага кўра, ҳудудда бир сменада 350 қатнов қувватига эга бўлган 5 қаватли замонавий оилавий поликлиника бунёд этилади. Қурилиш ишлари учун 24 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Янги поликлиникада оилавий шифокорлар, тор соҳа мутахассислари, диагностика ва лаборатория хизматлари ҳамда тез тиббий ёрдам бўлими фаолият юритади. Муассаса илғор тиббий ускуналар ва замонавий диагностика жиҳозлари билан жиҳозланиб, аҳолига кўрсатиладиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифати ва қулайлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Қурилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаб, замонавий поликлиникани қисқа фурсатда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа Бухоро шаҳрида соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳолининг сифатли ва замонавий тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.









