Оилавий тадбиркорлик – маҳалла фаровонлиги ва аҳоли бандлигининг муҳим омили
2026-07-13 14:30:00 / Янгиликлар

Маҳалла фуқароси Авезова Самия томонидан хонадон шароитида мавсумий консерваланган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда ушбу фаолият нафақат истеъмолчиларни сифатли ва табиий маҳсулотлар билан таъминлаётгани, балки янги иш ўринлари яратиш орқали маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий фаолликни ҳам оширмоқда.
Айни пайтда мазкур ишлаб чиқариш жараёнида 5 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг ҳар бирига кунига 100 минг сўм миқдорида меҳнат ҳақи тўланаётгани фуқароларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва мавсумий бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фуқаро билан ўтказилган мулоқот давомида ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, маҳсулот ассортиментини бойитиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида имтиёзли тадбиркорлик кредитлари ва давлат томонидан яратилган қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилди.
Эътиборлиси, Авезова Самия фаолиятини янада кенгайтириш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш режасини билдирар экан, маҳалладаги иш излаётган фуқароларни ушбу иш ўринларига жалб этишга тайёрлигини ҳам маълум қилди. Бу эса хусусий ташаббус ва маҳалла ҳамкорлигининг амалий натижаси сифатида эътироф этилади.
Бугунги кунда "Ҳамид Олимжон" маҳалласида 3 416 нафар аҳоли, 1 274 та оила ва 1 012 та хонадон истиқомат қилмоқда. Ҳудудда хизмат кўрсатиш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишлари иқтисодий драйвер сифатида изчил ривожланиб, янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва маҳалла иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган бундай ташаббуслар маҳаллаларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга ва "Инсон қадри учун" тамойилининг амалдаги ифодасига айланмоқда.





