69-ДМТТ таъмирлаш ишлари давом этмоқда
2026-07-09 14:50:00 / Янгиликлар

Жумладан, Бухоро шаҳрида 360 ўринга мўлжалланган 69-давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллиард 288 миллион сўмни ташкил этиб, қурилиш ишлари «Шавкат Мумин» МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда.
Айни пайтга қадар қурилиш ишларининг қарийб 60 фоизи бажарилган. Ҳозирда бинода бетон ишлари, шунингдек, дераза ва эшик ромларини ўрнатиш, фасад қисмини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш майдонида 40 нафар малакали қурувчи меҳнат қилиб, обектни белгиланган муддатда сифатли топшириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.
Мазкур мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилгач, 360 нафар болажон учун замонавий ва қулай таълим-тарбия муҳити яратилади. Бу эса фарзандларимизнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва ижодий қобилиятини эрта ёшдан ривожлантиришга хизмат қилади.
Юртимизда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар келажак эгалари учун муносиб шарт-шароит яратиш, аҳолига сифатли таълим хизматларини кўрсатиш ва соҳани янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.









