Қулай ва замонавий таълим муҳити йўлида яна бир муҳим қадам
2026-07-06 12:10:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 490 миллион сўмни ташкил этади. Қурилиш-таъмирлаш ишлари "Гулистонобод қурилиш Голд Сервис" МЧЖ томонидан сифатли ва белгиланган меъёрлар асосида олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар мактаб биносининг фасад қисмини таъмирлаш ишлари 50 фоизга бажарилган. Бетон ишлари ҳамда пол ишлари эса тўлиқ якунланган. Қурилиш майдонида 30 нафар малакали қурувчи меҳнат қилмоқда. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, барча қурилиш-таъмирлаш ишларини жорий йилнинг 1-августига қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган.
Таълим муассасаларини замонавий талаблар асосида таъмирлаш ва реконструкция қилиш нафақат бинонинг ташқи кўринишини яхшилайди, балки таълим сифати ва самарадорлигини оширишда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Шинам, хавфсиз ва замонавий ўқув муҳити ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини оширади, педагогларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шароит яратади.
Шунингдек, бундай бунёдкорлик ишлари ёш авлодни замонавий шароитларда таълим олишига, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга ҳамда келажакда рақобатбардош кадрлар бўлиб вояга етишига хизмат қилади. Айниқса, "Ташаббусли буджет" лойиҳалари орқали аҳоли таклифлари асосида ижтимоий соҳа обектларининг таъмирланаётгани фуқароларнинг маҳаллий ривожланиш жараёнларидаги фаоллигини ошириш, ҳудудларда мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш ва таълим инфратузилмасини янада яхшилашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Мактабда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатларда якунланиши натижасида янги ўқув йилида ўқувчилар янада замонавий, қулай ва эстетик жиҳатдан жозибадор таълим масканида таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар.









