Қурбон Турсунов “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларига йўлланма олган спортчилар билан учрашди
2026-07-03 17:25:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида ёшларнинг спорт соҳасидаги ютуқлари, уларнинг жисмоний тайёргарлиги, мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш жараёнлари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, спортчиларни юқори натижаларга эришишга руҳлантириш, уларнинг иқтидорини янада рўёбга чиқариш ва зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Бухоро шаҳри ёшлари “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг ҳудудий саралаш босқичларида юқори натижаларни қайд этиб, жами 14 та спорт тури бўйича 42 та йўлланмани қўлга киритди. Мазкур натижа Бухоро шаҳри жамоасини вилоят бўйича биринчи ўринга олиб чиқди ва ёш спортчиларнинг салоҳияти ҳамда мураббийлар меҳнатининг ёрқин ифодасига айланди.
Шаҳар ҳокими спортчиларни ушбу муваффақият билан табриклаб, республика босқичида ҳам Бухоро шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришишларига ишонч билдирди. Шунингдек, спортчиларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, уларнинг профессионал маҳоратини ошириш ҳамда оммавий спортни янада ривожлантириш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, спортчилар ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари билан ўртоқлашдилар.









