Ҳавзи-нав маҳалласида янги тадбиркорлик лойиҳаси ишга туширилди
2026-07-02 14:50:00 / Янгиликлар

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ҳамда маҳалла банкири кўмагида "Шохмалик" кўчаси 39-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Зебинисо Ҳабибовага 110 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Мазкур молиявий кўмак ҳисобига янги тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошланди.
Айни пайтда тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар истеъмолчиларга сифатли ва қулай кўринишда етказиб берилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа натижасида 7 нафар ишсиз фуқаро доимий иш билан таъминланди. Бу эса маҳаллада аҳоли бандлигини ошириш, оилалар даромадини кўпайтириш ҳамда камбағалликни қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Маълумот учун, Ҳавзи-нав маҳалла фуқаролар йиғинида 4 165 нафар аҳоли, 801 та хонадон ва 1 465 та оила истиқомат қилади. Маҳаллада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат дастурлари доирасида жорий йил бошидан "Оилавий тадбиркорлик" дастури бўйича 330 миллион сўм, "Бизнесга биринчи қадам" дастури бўйича 85 миллион сўм, "Маҳалла лойиҳаси" доирасида 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
Шундай қилиб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш учун йил бошидан бери жами 915 миллион сўм миқдорида имтиёзли молиявий ресурслар йўналтирилди.
Бухоро шаҳрида "маҳаллабай" ишлаш тизими асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқароларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.





