Мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар топширилди
2026-06-25 18:30:00 / Янгиликлар

Жорий ўқув йили якунларига кўра, шаҳардаги 45 та умумтаълим мактабини жами 3 803 нафар ўғил-қизлар тамомлаган бўлса, шулардан 86 нафари олтин, 38 нафари эса кумуш медалларига лойиқ деб топилган.
Тадбир давомида Фуруз Хамроев сўзга чиқиб, битирувчиларнинг келгуси ҳаётларига омад ва зафарлар тилаб, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва жамиятда муносиб ўрин топиши учун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Таъкидлаш жоизки, жорий ўқув йилида 383 нафар битирувчи ўғил-қизлар муддатидан аввал олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бу йилги битирувчилар орасидан 3 423 нафари олий таълим муассасаларига онлайн тарзда ҳужжат топширган. Бу эса ёшларимизнинг билимга чанқоқлиги ва интилувчанлигидан далолат беради.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, Бухоро шаҳар мактаблари битирувчиларидан 36 нафар ўқувчи вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди.
Ушбу натижалар Бухоро шаҳрида таълим сифатининг юксалиб бораётганини ва ўқувчиларнинг катта мақсадлар сари қатъият билан интилаётганини яна бир бор исботламоқда.
Бухоро шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати









