Бухоро шаҳрида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс тадбир ўтказилди
2026-06-19 18:55:00 / Янгиликлар

Тадбир аввалида низоли ва нотинч оилалар вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Суҳбатлар давомида оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Маълумки, “Аёллар дафтари” 7-босқичи доирасида хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ишлари 5 та тоифа бўйича амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқаролар, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож ҳамда ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёжи бор хотин-қизлар қамраб олинган.
Шу муносабат билан Бухоро шаҳар Кўп тармоқли марказий поликлиникасида меҳнат ярмаркаси, психологик тренинглар ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. Меҳнат ярмаркасида шаҳардаги 12 та корхона ва ташкилот ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этиб, тадбир якунида 35 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича меҳнат шартномалари имзоланди.
Тадбир давомида 560 нафар хотин-қиз учун психологик тренинглар ташкил қилиниб, уларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаётий кўникмаларини ошириш ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида 1034 дона тарғибот ва тарқатма материаллар аҳолига етказилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга жами 650 нафар хотин-қиз жалб этилди. Улардан 343 нафари ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар ҳисобланади. Тиббий кўриклар натижасида 147 та турли касалликлар аниқланди.
Шу билан бирга, тиббий кўриклар натижасида эҳтиёжманд деб топилган 48 нафар хотин-қизга бепул дори-дармон воситалари тарқатилди.
Бундай тадбирлар хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.









