Бухорода “Медиа ҳафталик” доирасида замонавий журналистика ва контент яратиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилмоқда
2026-05-12 14:50:00 / Пресс-релизлар

12–15-май кунлари давом этаётган ҳафталик доирасида журналистлар, ахборот хизмати ходимлари, блогерлар, мобилографлар ҳамда ёш контент яратувчилар учун турли йўналишларда маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ва амалий машғулотлар ташкил этилмоқда.
Тадбир давомида медиа соҳаси вакиллари томонидан бугунги ахборот маконидаги долзарб масалалар, замонавий журналистика тамойиллари ҳамда рақамли коммуникация йўналишлари юзасидан маърузалар тақдим этилди.
Хусусан, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири Икром Аввалбоев газета ва журналлар бош муҳаррирлари, мухбирлар ҳамда интернет журналистикаси вакиллари учун “Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини ёритишнинг муҳим йўналишлари”, “Ижтимоий масъулият, касб этикаси ва медиа қонунчилиги: риск, репутация ва стратегик қарорлар” мавзуларида маъруза қилди.
Шунингдек, Контент маркази монтаж устаси Сардор Маъмуров ҳудудий телеканалларнинг тасвирчи ва монтажчилари учун “Монтаж жараёнида эътибор қаратиладиган жиҳатлар: замонавий репортаж ритми” мавзусида амалий тренинг ўтказди.
Контент маркази мутахассиси Улуғбек Курбанбаев “Ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти”, Дилноза Қурбонова эса матбуот котиблари ва ахборот хизматлари раҳбарлари учун “ОАВ, блогосфера ва инфлюенсерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмлари” мавзусида тақдимотлар билан иштирок этди.
Машғулотлар давомида иштирокчиларга стратегик коммуникация, медиа этикаси ва қонунчилик, фактчекинг ва ахборотни верификация қилиш, сунъий интеллектдан контент тайёрлашда фойдаланиш, визуал сторителлинг, монтаж ҳамда ижтимоий тармоқ алгоритмлари билан ишлаш бўйича амалий билим ва кўникмалар берилди.
Қизғин баҳс-мунозаралар ва интерактив мулоқотларга бой тарзда ўтаётган “Медиа ҳафталик” 15-май кунига қадар давом этади.
