Халқаро аҳамиятга эга йўлда замонавий кўприк қурилмоқда
2026-06-06 11:30:00 / Янгиликлар

Мазкур стратегик аҳамиятга эга лойиҳа доирасида мавжуд асфалтобетон қоплама замонавий сементобетон қопламага алмаштирилмоқда. Шунингдек, ҳаракат хавфсизлиги ва транспорт оқимининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 5 та икки сатҳли қайрилиб олиш иншооти, 11 та пиёдалар учун ер ости тунели ҳамда 4 та ер усти пиёдалар кўприги қурилиши назарда тутилган.
Реконструкция ишлари якунлангач, мазкур автомобил йўлининг ўтказувчанлик қобилияти суткасига 9 мингта автотранспорт воситасига етказилади. Бу эса халқаро транспорт йўлагида ҳаракат қулайлиги, логистика самарадорлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлигини янги босқичга олиб чиқади.
Лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри ҳудудидан ўтувчи 12 километр автомобил йўли реконструкция қилиниб, ҳайдовчилар ва аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракат шароити яратилди.
Шу билан бирга, 220,5 км ҳудудида жойлашган кўприк иншоотида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Айни вақтда кўприкнинг чап томон қисмидаги ишлар тўлиқ якунланиб, ўнг томонида қурилиш жараёнлари олиб борилмоқда. Ҳозирда кўприкнинг устки қисмида ҳимояловчи қатлам барпо этилиб, кейинги босқичда асфалтобетон қоплама ётқизиш ишлари амалга оширилади. Мазкур ишлар қисқа муддат ичида тўлиқ якунланиб, кўприк фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Ушбу кенг кўламли инфратузилма лойиҳаси мамлакатимиз транспорт тармоғини модернизация қилиш, халқаро транзит салоҳиятини ошириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.









