Бухоро маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари жадаллаштирилади
2026-06-05 10:30:00 / Янгиликлар

Йиғилишда ҳоким ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, шунингдек, маҳаллалардаги “еттилик” тизими вакиллари иштирок этди. Унда ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, тунги ёритиш тизимларини яхшилаш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ҳамда умумий санитария-эпидемиологик муҳитни барқарор сақлаш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий қилинди.
Шаҳар ҳокими томонидан айрим маҳаллаларда ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича топшириқлар ижроси суст олиб борилаётгани, мавжуд муаммоларни бартараф этишда ташаббус ва масъулият етишмаётгани кескин танқид қилинди. Айниқса, ҳудудларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда ижтимоий муҳитни яхшилаш масалаларида йўл қўйилган камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш давомида вазифалар ижросига лоқайд ёндашган, ўзига юклатилган масъулиятни етарли даражада бажармаган айрим маҳалла “еттилиги” вакилларига нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилди. Мутасаддиларга камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, ҳар бир ҳудуд кесимида аниқ “йўл хариталари” асосида ишлаш ҳамда ижро интизомини кучайтириш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Шунингдек, йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, ҳудудларнинг инвестицион ва туристик салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи лойиҳаларни жадаллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, шаҳар ҳудудларини обод ва замонавий қиёфага келтириш, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш ҳамда ҳар бир маҳаллада тизимли ва самарали бошқарувни йўлга қўйиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.









