Қурбон Турсунов ўзи таҳсил олган мактабда “Сўнгги қўнғироқ" тадбирида иштирок этди
2026-05-25 10:10:00 / Янгиликлар

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг Қурбон Турсунов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз мактаб битирувчиларига йўлланган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг самимий тилаклари ва эзгу даъватлари мустақил ҳаёт сари илк қадам қўяётган ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳамда фидойи устозлар томонидан катта қизиқиш ва кўтаринки руҳда тингланди.
Шаҳар ҳокими ўз сўзида бугунги кунда ёш авлод учун яратилаётган кенг имкониятлар, замонавий таълим шароитлари ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталиб, битирувчиларни ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланишга, билим ва салоҳиятларини Ватан равнақи йўлида сафарбар этишга чорлади. Шунингдек, уларга келгуси ҳаёт йўлида улкан зафарлар, омад ва муваффақиятлар тилади.
Тадбир давомида битирувчилар ҳам сўзга чиқиб, уларга таълим-тарбия берган устозлари ҳамда доимо қўллаб-қувватлаб келган ота-оналарига миннатдорлик билдириб, уларнинг ишончини оқлашга ваъда бердилар.
Маълумот учун, жорий йилда Бухоро шаҳридаги умумтаълим мактабларини 3705 нафар ўқувчи тамомламоқда. Уларнинг 302 нафари муддатидан аввал талабалик бахтига эришган. Шунингдек, 86 нафар битирувчи олтин медал, 33 нафари эса кумуш медал билан мактабни тамомламоқда. Хусусан, 4-сон умумтаълим мактабининг 88 нафар битирувчисидан 10 нафари мактаб партасиданоқ талаба бўлишга муваффақ бўлган. Уларнинг 4 нафари нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
Тадбир якунида Қурбон Турсунов таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ педагогларга Бухоро шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғаларини топширди.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов ҳам иштирок этди.
Байрам давомида илм-маърифат, Ватанга муҳаббат ва фидойилик ғояларини тараннум этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар ҳамда битирувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди. Мактаб ҳовлисида янграган “Сўнгги қўнғироқ” садолари эса нафақат битирувчилар, балки барча иштирокчиларга унутилмас таассуротлар улашиб, уларни янги марралар сари руҳлантирди.









