“Замондош” — ёшлар истеъдоди ва маънавиятини юксалтираётган замонавий маданият маскани
2026-05-22 15:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 26-майдаги тегишли Фармонига мувофиқ, маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш, ҳудудларда маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.
Мазкур фармон асосида 2021–2024-йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва замонавий жиҳозланадиган маданият марказлари рўйхати шакллантирилиб, унга 4-сон “Замондош” маданият маркази ҳам киритилди. Шунга мувофиқ, марказ биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий талаблар асосида қайта таъмирланди ҳамда 2025-йилда фойдаланишга топширилди.
Қурилиш-реконструкция ишлари учун жами 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада марказнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Бугунги кунда марказда “Замонавий рақс”, “Миллий рақс”, “Болалар фолклори”, “Тасвирий санъат”, “Зарб доирачилар”, “Миллий каштачилик” ҳамда “Нутқ маданияти” йўналишларида тўгараклар фаолият юритмоқда. Ушбу тўгаракларга 310 нафардан ортиқ ёшлар мунтазам равишда қатнашиб келмоқда.
Шунингдек, марказ ҳузурида фаолият олиб бораётган “Лаъли эстрада ва цирк” халқ жамоаси турли маданий-маърифий тадбирлар, фестивал ва консерт дастурларида муносиб иштирок этиб, томошабинлар эътирофига сазовор бўлмоқда.
Марказ қошидаги ижодий жамоалар ва тўгарак аъзолари вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилаётган кўрик-танлов ва фестивалларда фаол қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Айни пайтда маданият маркази ҳудуддаги 20 га яқин маҳалла фуқаролар йиғинлари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик олиб бориб, ёшларнинг маданий-маънавий тарбияси, эстетик дунёқараши ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.









