Бухорода “Медиа ҳафталик” тадбирлари бошланди
2026-05-12 14:50:00 / Янгиликлар

Интернет ва босма нашрлар, телевидение ва радио журналистлари, давлат идоралари матбуот котиблари, блогерлар ҳамда мобилографлар иштирок этаётган ҳафталик доирасида малакали экспертлар томонидан замонавий медиа оламининг долзарб йўналишлари ҳақида маълумотлар берилиб, амалий билим ва тажриба алмашишга қаратилган машғулотлар ўтказилмоқда.
Ҳафталикнинг тантанали очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, Бухоро – асрлар давомида илм-маърифат маркази сифатида шаклланган, буюк алломалар етишиб чиққан маскан. Бугун эса у нафақат тарихий мероси, балки уни замонавий, визуал ва сифатли контент орқали жаҳон аудиториясига етказишга интилаётган ижодкорлари билан ажралиб туради. Айнан шу жиҳат “Медиа ҳафталик”нинг Бухородаги босқичига алоҳида мазмун ва чуқурлик бағишлайди.
“Медиа ҳафталик” Бухорода нафақат билим алмашиш майдони, балки фикрлар тўқнашадиган, янги ғоялар шаклланадиган ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланадиган муҳитга айланиши кутилмоқда. Ушбу босқич орқали ҳудудда ахборот билан ишлаш маданиятини янги босқичга олиб чиқиш, медиа соҳасида рақобатбардош ва замонга мос контент яратувчилар авлодини шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида ташкил этилаётган тренингларда иштирокчилар ислоҳотларнинг турли йўналишларини ёритишда янги ёндашувлар билан танишмоқда. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни таҳлилий ва таъсирчан шаклда ёритиш, сиёсий мавзуларни кенг оммага тушунарли тарзда етказиш, медиа контентни тайёрлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, медиа хавфсизлик, рақамли гигиена, сунъий интеллект даврида ахборот майдонини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган машғулотлар бугунги глобал таҳдидларга қарши самарали жавоб топишга хизмат қилмоқда. Коррупсияга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, йирик сиёсий тадбирларни ёритишда таҳлил ва масъулият масалаларига бағишланган дарслар журналистларнинг жамият олдидаги ролини янада кучайтиради. Чунки бугунги кунда ОАВ нафақат ахборот тарқатувчи, балки жамоатчилик фикрини шакллантирувчи, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирувчи муҳим институтга айланган.
Бухородаги Медиа ҳафталик ана шу жиҳатлари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, журналистиканинг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишига туртки беришга хизмат қилади. Ҳафталик якунига қадар иштирокчилар олган билим ва кўникмалар келгусида юртимизда очиқ, профессионал ва масъулиятли медиа муҳитини шакллантиришга ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
Медиа ҳафталик 15-май куни якунланади.









