Бозорда қонунийлик — асосий мезон
2026-04-25 10:30:00 / Янгиликлар

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Бухоро шаҳрида амалий ўрганиш ишлари олиб борилди. Хусусан, Бухоро шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Задаев ҳамда шаҳар солиқ инспекцияси раҳбари Анвар Ғафуров бошчилигида ишчи гуруҳ томонидан Марказий деҳқон бозорида мониторинг ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида хуфиёна иқтисодиёт кўламини қисқартириш мақсадида бозор ҳудуди тўлиқ қайта хатловдан ўтказилиб, савдо фаолияти билан шуғулланаётган субектларнинг ҳуқуқий мақоми чуқур таҳлил қилинди. Жумладан, тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтганлик гувоҳномалари, фаолият юритиш учун зарур рухсатномалари ҳамда ҚР-код орқали идентификация қилинувчи маълумотларининг мавжудлиги ва ҳаққонийлиги қатъий назорат қилинди.
Шунингдек, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш, фискал интизомни мустаҳкамлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда ноқонуний савдо фаолиятига чек қўйиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилиб, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Мазкур тадбирлар хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда қонуний тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.









