Меҳнат ярмаркаси ўтказилди
2026-04-23 13:45:00 / Янгиликлар

Мазкур ярмаркада вилоят бўйича минг нафарга яқин ишсиз фуқаролар, айниқса ёшлар ва касб-ҳунар эгаллаш истагидаги иш изловчилар фаол иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар бевосита ишлаб чиқариш ҳудудига кириб, корхонанинг технологик жараёнлари, замонавий ускуналари ҳамда меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Бу эса уларга келажакдаги иш фаолияти ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилди.
Ярмарка жараёнида иш берувчи ва иш изловчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди, мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шартлари, ижтимоий пакетлар ва касбий ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Натижада 500 нафарга яқин фуқаролар ишга жойлашиш мақсадида дастлабки саралаш босқичи сифатида анкета сўровларидан ўтказилди.
Тадбирда Бухоро шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Задаев ҳам иштирок этиб, ярмарка жараёнлари билан яқиндан танишди. Бундай амалий тадбирлар аҳоли бандлигини ошириш, ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиш таъкидланди.
Мазкур меҳнат ярмаркаси иш изловчилар учун нафақат бўш иш ўринларига эга бўлиш, балки замонавий саноат муҳитини кўздан кечириш, ўз касбий йўналишини аниқ белгилаш имконини ҳам яратди.









